Бир насиҳат

Category: Poetry
(Инсонлик тўғрисида)
Кўп курганман филдай кишиларни,
Кенг кўкракли, темир баданли.
Аммо кўргим келар меҳнатда —
Киши булган энг чин одамни.
Ким хоҳламас кучни; темир синса
Ва сув чиқса босган изидан.
Нима фойда, кучинг филдай бўлиб,
Ишинг келса чумчуқ тизидан?
Пок виждоннинг излари қолсин
Нима ўтса сенинг қўлингдан!
Кучлилигинг билан ғурурланма,
Инсонлигинг билан ғурурлан!
Қадамингда — ҳақиқат, ақл,
Зўр қалб изин кўрсинлар ҳар он.
Қилич эмас, ҳақиқат билан,
Ростлик билан кучлидир инсон.
Ерда ётган худди тўнкадай,
Яшамагин нафсиз — ҳаётда.
Маяк бўлиб ёнсин ҳаётинг
Ўзингдан сўнг келар авлодга.
Ишлаб турган темир зангламас,
Увоқланмас ўт кўрган лой ҳам,
Иш кўрсатган эрни эл унутмас,
Қабридан ҳеч аримас қадам.
December 09, 1943