Бир қизга

Категория: Поэзия
Кизиқ бўлди бизнинг учрашув,
Сен йироқдан, мен ҳам йироқдан,
Аммо бизлар қадрдонлардек
Қўл қисишдик қаттиқ — юракдан.
Ҳатто, исмим билмасдан аниқ,
Менга шундай қарадинг севиб,
Юрагимнинг баҳор гулидай
Софлигини гўёки сезиб.
Ҳаётда кўп икир-чикирлар,
Зерикарли, хунук, бефойда,
Аммо, бизнинг гўзал, соф қизғин
Дўстликка йўқ таққос ҳеч қайда.
Нима етсин, сенинг кўзларинг
Ёлқинида ўртаниб бутун
Умр сурмоқ бирга, у нозли
Қарашингга бўлиб лол, мафтун!
Мен ўзим ҳам билмадим, бизни
Нима ҳамдир мангу бойлади:
Сиримизни сўз билан эмас,
Кўз қараши билаи англадик.
Кўзинг содда, нозли боқишин,
Шоир қалби қандай англамас?
Суяксиз тил баъзан алдайди,
Кўз қараши, жоним, алдамас.
Йиллар.ўтиб, яна учрашсак,
Яширолмай севинчдан ёшим,
Мен қўлингни қисиб кўнгилдан
Кучар эдим, дея:—сирдошим!
Ажратса ҳам тақдир шамоли,
Олиб кетса сени бир юртга,
Маслаҳатим: бу энг қимматли
Дўстлигимиз, жоним, унутма!
Армоним бор: севги ўтида
Парвоз қилса эди кўнгиллар.
Севги сувин ичиб бир томирдан,
Ғунча очса эди умрлар;
Тошқин севги ўтида ёниб
Ёшлигимиз ўтса бахтиёр.
Айт-чи, жоним, менга дунёда
Бундан ортиқ қандайин бахт бор?!
мая 1943