Бўрон

Категория: Поэзия
Бўрон турди, кўз очиб бўлмас,
Йўл тополмай тўхтади отлар.
Қор пардасин ёриб қишлоқдан
Кўринади милтиллаб ўтлар.
Қўл-оёқлар қотди совуқдан,
Илик музлар, жуда совқотдик.
Узоқ юргач, муз қотиб бизлар,
Бир эшикка ўзимиз отдик.
Совуқ биздан шундай ўтганди,
Худди яхдай эди қўл-оёқ.
Қарши олди бизни бу уйда
Иссиқ печу еттинчи чироқ.
Тўғри етиб олмоқчи эдик,
Бир соатда станцияга биз.
Бўрон тўсди йўлни, бу уйга
Қувиб тиқди, қолдик чорасиз.
Тўрга ўтдик сўкиб шамолни,
Қолган эдик анча толиқиб.
Мана шу чоқ, булут ортидан
Кулган ойдай, у чиқди балқиб.
Қарадим-у, мен қотиб қолдим...
Узолмадим ҳеч нигоҳимни,
Бу Мажнуннинг Лайлиси, балки,
Зуҳрасими ёки Тоҳирнинг?
Гўзаллигин мақтаёлмайман!
Белларининг ингичкалигин;
Булут каби қалин кипригин,
Гул баргидай юпқа, соф лабин.
Кулгандаги кулгичларини,
Кулча юзин, карашмаларин;
Сўзлаганда, киприкни ёриб
Жилмайгувчи кўз қарашларин.
Йўқ, ҳеч бирин...
Биз кўришганда
У тикилди узоқ, ёқимли;
Баданимга бир ўт югурди,
Юрагимда севги ёлқини.
Қорни бекор сўккан эканмиз,
Тўсди, дея, ойнинг нурларин,
Бўрон бизни ойга етқизди,
Чалкаштириб қишлоқ йўлларин.
Қиз ўтирди рўпарамизга,
Бол, сут бериб димоғ чоғларди,
Борар йўлни унутдирди-ю,
Эсга солди ёшлик чоғларни.
Бўрон тинди,
Ҳаво очилди,
Ҳаял ўтмай балқиб ой чиқди.
Шу чоқ дўстим ўзига келиб,
Кийинди-ю, йўлга ошиқди.
Йўлга тушдик.
Тинч кўк булутсиз;
Ёруғ этган ой ҳам ҳар ённи.
Кўргим келмас бу сокин ойни.
Кўнглим истар шамол, бўронни!!
Алланарсам йўқотгандайман,
Сирли хаёл тўла кўз олдим.
Шамол тинди тишда,
Юракда 一
Кучли оташ бўрон қўзғалди.
Бўрон, мени адаштириб сен,
Ёт қирларга йўлладинг нега?
Билмадим мен нега банд этдинг
Бу жоду кўз киприкларига?
Тўлин ойим қолди йироқда
Қалин будут ичра яшириниб.
Қолди энди ширин хаёлдай
Ел-бўронда тентак ёшлигим.
Музласа ҳам танинг, ёнса ҳам,
Адашсанг ҳам қирда, ёвонда,
Тинч турмушдан, дўстлар, минг марта
Завқли экан, шамол, бўронда.
2 ноября 1943