Соат

Категория: Поэзия
Ёрим билан иккимиз,
Қўш олмадай бетимиз,
Чақчақлашиб сўзлашиб,
Ўлтирардик сирлашиб.
Менинг ёрим хўп кўркам,
Севмайди, деб йўқ ўпкам,
Киприклари гул каби,
Гул барги худди лаби.
Қийғоч унинг қошлари,
Гўзал соч тарашлари,
Ҳаммасидан ҳам унинг
Куйдирар қарашлари.
У ёқимли жилмайиб,
Ултиради қаршимда.
Лекин шуниси ёқмади:
Қайгадир шошар жуда.
Соатга қарар бирдай
Тиғ устида тургандай.
— Кўп ўлтирдим, кетай дер,
Шунинг ўзи етар, дер.
Coат ўчакитгандай
Югуради — жин ургур.
Бетиним „чиқ-чиқ“ лайди,
Қулоққа ёқмас қургур.
Ялинаман „кетма" деб
„Ҳали вақт эрта“ деб.
Ёрим қарар соатга:
„Кўп ўтирдим, етар“ деб.
Чидамадим ахири,
Битди сабр-тоқатим.
Бу жин урган соатнинг
Босиб милин тўхтатдим.
— Бахтлилар ҳеч соатга.
Қарамайди, оппоғим:
Шундай қилиб сезмади
Қизариб тонг отганин.
1943