Гул қабри

Категория: Поэзия
Вир гул шохдан узилиб тушди
Ғарбдан эсган шамолга ночор.
Хиёл ўтмай, ел қанотидан
Паға-паға бўралади қор.
Қорлар гулнинг бўлди кафани,
Жўяк гўрдек бағрига олди.
Бунда ўсган ёлғиз оқ қайин
Қабр тоши каби тик қолди.
Бўрон янги қурбонин излаб,
Ҳар томонга ўзин отади.
Гул уйғонмас, ернинг қўйнида
Роҳатланиб ухлаб ётади.
Баҳор келгач, гулнинг қабрига
Ёмғир ёғар, ўйнар яшинлар.
Жўякларни тўлдириб тонгда
Янги ғунча, ёш гуллар яшнар.
Сўлган гулдай қишни кутаман,
Кўрпа билан буркайман таним.
Қалбингизда очилар, яшнар
Менинг сўнгги қалб қўшиқларим.