Ваҳшат

Категория: Поэзия
(Пьесадан)
Улар йиғиб она-болани
Пода каби қирга сурдилар.
Қаздирдилар чуқур, ўзлари
Четдан кулиб қараб турдилар.
Шундан кейин чуқур лабига
Ҳолсиз халқни тиздилар қатор.
Ўрталикка чиқди маст, бадбин,
Кўва бурун, ола кўз майор.
Кун ёмғирли эди...
Булутлар
Бир-бирига келиб дучма-дуч,
Ёш тўкдилар ерга...
Бу кунни,
Бу кунни мен унутмайман ҳеч!
Ўзим кўрдим, ўз кўзим билан
Жилғаларнинг ҳўнграб оққанин;
Она ернинг боладай йиғлаб,
Ёш оқизиб бағрин ёққанин.
Ўзим кўрдим, у мунгли қуёш
Булут оша термулди ерга.
Ғамгин ўпди ғамгин болаларин,
Сўнг бор қучиб кўмди нурига.
Ёвга ғазаб ва нафрат билан
Кузги ўрмон гурлади шошиб.
Эшитилди азим эманнинг
Қасир-қусур ерга қулаши.
Ёш болалар қўрқиб онасин
Этагига йиғлаб ёпишди.
Милтиқ ўқи кесди онанинг
Юрагидан чиққан қарғишни.
Бир ёш бола худди япроқдай,
Дир-дир титраб тўкиб ёшини,
Онасининг этакларига
Яширади қўрқиб бошини.
Толпинади онага гўдак,
Она қалби сезади буни!
— „Отиб ташлар, яшир, онажон,
Ўлгим келмас, яширгил мени!..‟
Она йиғлаб икки қўлига
Даст кўтарди ердан боласин
Ва бағрига босиб, милтиққа
Тўғри тутди юрак порасин.
Толпинади онага бирдан,
Аччиқ фарёд бузди кўнглини.
— Мен яшамоқ истайман, она,
Онажоним, сақлаб қол мени!
— Кўрқма, болам, ҳозир тугайди,
Юм кўзингни, кўзинг кўрмасин.
Сабр эт, сабр эт, болам... оғримас...
Жаллод срга тирик кўммасин...
Бола юмди кўзин...
Бўйнидан —
Қизил тасма тушди шу чоқда;
Икки гавда ерга қулади,
Бир-бирисин маҳкам қучоқлаб.
Кўк гумбурлаб, шамол ўкирди,
Ер йиғлади, ғазаби тўлди.
Бу ёш қандай аччиқ ва қайноқ!..
Она юртим сенга не бўлди?
Айт менга сен, миллион йил ўтиб
Боғли, кўлли, эй ҳашаматли
Юртим, узинг кўргансанми ҳеч
Бундай хўрлик, бундай ваҳшатни?!
Кўтар халқим, ҳақлик байроғин
Бўяб ернинг қонли ёшига;
Ўлим бўлсин, у, она қонин,
Бола қонин ичган ваҳшийга!
октября 1943